Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида 25 минг аҳолига мўлжалланган янги массив қурилади, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Президент Шавкат Мирзиёев шаҳар аҳолиси энг зич жойлашган массивлардан бири бўлгани учун янги массив қуриш ғоясини илгари сурди. Яқин келажакда аҳоли сони кўпаяди.
«Мамлакатимизнинг кўп жойларида янги массивлар, шаҳарчалар қуряпмиз. Марғилонликларнинг яшаш шароитларидан, уй-жойларга эҳтиёжидан хабарим бор. Шу талаб ва истакларни, кўпчилик оилаларнинг орзуларини инобатга олиб, замонавий иморатлар қуришни ўйлаяпмиз», — деган Ўзбекистон раҳбари.
110 гектар майдонда бунёдкорлик ишлари олиб борилади. Хусусан, 25 минг аҳолига мўлжалланган 5 мингта хонадонли кўп қаватли уйлар қурилади. Шунингдек, Бурҳонуддин Марғилоний халқаро илмий-тадқиқот маркази, Мақом театри, юридик институт, 4 та меҳмонхона, шоир ва санъаткорлар хиёбони, савдо ва хизмат мажмуалари бўлади.
Давлат раҳбари массивни хориж тажрибаси асосида пухта лойиҳалаш, уй-жойлар қуриш, истиқболни кўзлаб инфратузилмани қуриш бўйича масъулларга топшириқлар берди.