Мониторинг ишларини олиб бориш мақсадида истеъмолчиларнинг шикоят ва таклифлари янги биллинг тизимида қайд этилмоқда. Ҳозирда у Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида синов тарзида ишга туширилган.
Ўзбекистонда электр энергиясини ҳисоблашнинг янги биллинг тизими 1 августдан жорий этилади. Бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» вакилига таяниб Спот хабар бермоқда.
Айни пайтда корхона истеъмолчиларига етказиб бериладиган электр энергияси ҳисоби 2012 йилда жорий қилинган биллинг тўлов тизими асосида юритилади.
«Бизга замонавий биллинг тизими керак эди, 2022 йилнинг охирида янги тизим бўйича техник шартлар ишлаб чиқилди. Жорий йилнинг 1 августидан бутун мамлакатда мазкур тизим янгиланади», — деди Ғайбуллаев.
Унинг сўзларига кўра, ушбу тизим айни пайтда Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида экспериментал режимда ишга туширилган.
«Мавжуд тизимда абонентнинг исми ва фамилияси, паспорт маълумотлари ва ҳисоб рақами мавжуд бўлиб, янги тизимда абонентнинг кадастр маълумотлари, бир шахс номига қанча ҳисоблагич борлиги каби маълумотлар мавжуд бўлади.
Янги тизимда назорат ишларини олиб бориш мақсадида истеъмолчиларнинг шикоят ва таклифлари ҳамда уларнинг сони қайд этилади. Умуман олганда, ҳар хил ҳисоб-китоблар бўлади», — дейди Ғайбуллаев.
Маълум қилинишича, тизим учун мобил илова ҳам ишлаб чиқилмоқда. У орқали онлайн режимда амалга оширилган тўловлар ва истеъмол қилинган электр энергияси миқдори ҳақидаги маълумотларни олиш мумкин бўлади. Компания шунингдек, «ақлли» ҳисоблагичлар билан таъминланиш даражаси 90 фоизни ташкил этганини маълум қилди. Ҳудудларда 782 минг дона «ақлли» ҳисоблагич ўрнатиш режалаштирилган эди, шундан бугунги кунда 210 минг абонент қолган.
Қолган истеъмолчилар жорий йилнинг 1 августига қадар «ақлли» ҳисоблагичлар билан таъминланади. Натижада бу кўрсаткич 100 фоизга етиши, яъни барча 8,5 миллион абонент қамраб олиниши кутилмоқда.
«Мамлакатда 100 фоиз ақлли электр ҳисоблагичлар ўрнатилди, дейишнинг иложи йўқ, чунки йиллик ўсиш 2 фоизни ташкил этмоқда: аҳоли кўпаймоқда, уй-жойлар қурилмоқда, ишлаб чиқариш ўсмоқда», — деди Ғайбуллаев.