«Адолат» социал-демократик партияси раиси Робахон Махмудова белгиланган меъёрдан ошиб кетган ҳайдовчиларни бир умрга гувоҳномасидан маҳрум қилишни таклиф қилди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.
Маҳмудованинг фикрича, жарима миқдорини ошириш бахтсиз ҳодисалар ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар сонини камайтиришга ёрдам бермайди. Унинг фикрича, жарима тўлашга қодир ҳайдовчилар яна қоидаларни бузиши ва инсонлар ўлимига сабаб бўлиши мумкин.
«Молиявий имконияти яхши, жарима тўлаган ҳайдовчи бошқа бундай ҳуқуқбузарликка йўл қўймаслигига, бегуноҳ одамларнинг бевақт ўлимига сабаб бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди», — дейилади мурожаатда.
Партиянинг таъкидлашича, агар қаттиқроқ чоралар кўрилмаса, «автомобилдаги қотиллар» сони камаймайди.
Маълумот ўрнида, 2023 йилда Ўзбекистонда 9839 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, 2282 киши ҳалок бўлган.