Тошкентда Alliance Motors автосалони раҳбариятига нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
Унга кўра, Тошкентдаги автосалон масъул шахслари фирибгарлик ва бошқа жиноятларда гумон қилинмоқда. Маълум бўлишича, улар 19 нафар фуқарога автомашина етказиб беришни ваъда қилиб, ўз эҳтиёжлари учун 6 млрд 169 млн сўм пулни ишлатиб юборган.
Аввалроқ «Kun.uz» харид қилинган автомобилларга ҳужжатлар расмийлаштирилмагани билан боғлиқ бюрократик қоғозбозлик қурбонига айланган ҳолатлар ҳақида хабар берганди. Нашрнинг таъкидлашича, Alliance Motors автосалони ходимлари автомобиль сотиб олиш учун пул тўлаган фуқароларни алдаб, тегишли ҳужжатларни тўлдирмасдан ҳам автомобилларни расмийлаштирган.