АҚШ президентлигига номзод Дональд Трампга суиқасд уюштирилди — видео

Ўзбекистон

Дональд Трамп Пенсильванияда сайловолди ташвиқоти митингида нутқ сўзлаётган вақтда ҳужумга учради. Отишмадан сўнг сиёсатчи қулоғи қон билан воқеа жойини тарк этган.

Бутлер шаҳрида тарафдорлар олдидаги нутқ бир неча дақиқа давом этди ва сиёсатчи ноқонуний миграция муаммолари ҳақида гапирганда, кутилмаганда микрофон узилиб қолди. Ўқ овозлари эшитилди, шундан сўнг саҳнада бўлган Трамп жим бўлиб, қўлини қулоғига қўйиб, подиумга ўтирди. Тансоқчилар уни ўраб олишди.

Пенсильванияда ҳужумчи саҳнага қараб ўт очди: собиқ президент қулоғидан яраланди, томошабинлардан бири ҳалок бўлди, яна икки нафари яраланди, деб хабар бермоқда CNN.

Гумонланувчи қўлга олинган. Ҳозирда Трампнинг ҳаётига ҳеч қандай таҳдид йўқ.

Бир неча дақиқадан сўнг хавфсизлик ходимлари ўнг қулоғи қонга беланган собиқ президентни саҳнадан олиб кетишган.

АҚШ президентлигига номзоднинг матбуот котиби Стивен Чуннинг маълум қилишича, сиёсатчи Пенсильвания штатидаги касалхонада тиббий кўрикдан ўтган. Кейинроқ Трамп қулоғига ўқ теккач, кўп қон йўқотганини айтди.

BNO News порталига кўра, Трамп аллақачон тиббий муассасадан чиқарилган. У Висконсинда бўлиб ўтадиган республикачилар қурултойига қўшилиш ниятида.

Ҳодиса оқибатида сайловолди митинги томошабинларидан бири ҳалок бўлди, икки нафари оғир яраланди.

Отишма тўхтатилди. ФҚБ аллақачон отишмада гумонланувчининг Пенсильвания штатидан 20 ёшли йигит эканини аниқлаган. New York Post газетасининг ёзишича, унинг исми Томас Мэтью Крукс.

Махсус агент Кевин Роджекнинг айтишича, Трампнинг митингидаги отишма унинг ҳаётига суиқасд сифатида баҳоланмоқда.

АҚШ ҳуқуқ-тартибот идоралари собиқ президент Дональд Трампга суиқасд уюштирилгани ҳақида олдиндан маълумотга эга эмасди, деди Федерал қидирув бюроси вакили.

Мавзуга оид материаллар