«Англеси Фоод» МЧЖ (Korzinka супермаркетлар тармоғи)га нисбатан иш қўзғатилди, деб хабар берди Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.
Корзинка супермаркетлар тармоғи рекламасида харидорларни чалғитиши мумкин бўлган хитоблар топилган. Масалан, рекламада «Энг арзон нарх – Korzinkaʼда», «Энг унумлисига келинг!» иборалари қўлланилади.
Қўмитанинг маълум қилишича, акция доирасида супермаркетлар тармоғи кундалик эҳтиёжлар учун зарур бўлган маҳсулотлар каталогини тақдим этди. Ушбу маҳсулотларнинг нархи бошқа супермаркет ва деҳқон бозорларидаги шунга ўхшаш маҳсулотлар нархлари билан таққосланган. Шу билан бирга, таққослаш учун каталогнинг умумий қиймати (ҳар бир маҳсулотнинг нархи алоҳида эмас) олинган.
Маълум бўлишича, «энг паст нарх» деб эълон қилинган айрим маҳсулотларнинг нархи бошқа супермаркет ва деҳқон бозорларидаги шунга ўхшаш маҳсулотлар нархидан аслида қимматроқ.
Шундай қилиб, бу шаклдаги реклама харидорларни чалғитади, дейиш мумкин.
Шу сабабли «Англеси Фоод» МЧЖга нисбатан «Реклама тўғрисида»ги қонунни бузгани учун иш очилган.