Сурхондарёда яшовчи эркак камёб сиртлонни ўлдиргани билан «мақтанди»: иш прокуратурага ўтказилди

O‘zbekiston

Ижтимоий тармоқларда сурхондарёлик эркак йўл-йўл сиртлоннинг осилган жасади ёнида суратга тушган сурат тарқалди. Экология бошқармаси инспекторлари ҳодиса 2023 йил бошида содир бўлганини аниқлади. Уйдан ҳайвон қолдиқлари топилган. Ҳолат оқибатида табиатга 1 млрд 60 минг сўм миқдорида зарар етказилган.

Фото: Коллаж / Экология вазирлиги

Яқинда ижтимоий тармоқларда ўлдирилган йўл-йўл сиртлон билан фуқаро акс этган фотосуратлар пайдо бўлди. У Сурхондарё вилоятида суратга олинган.

Вилоят Экология, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари ҳамда Миллий гвардия вакиллари вазиятни ўрганди. Аниқланишича, воқеа 2023 йилнинг октябрь ойи охири - ноябрь ойи бошларида Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани «Ободон» маҳалласида «Такатош» массивида фуқаро Ш.Х. томонидан содир этилганлиги аниқланди. Ҳолат натижасида табиатга 1 миллиард 60 минг сўм миқдорида зарар етказилган.

Ўрганиш натижаларига кўра, бир бош номаълум ҳайвоннинг суяклари топилиб, улар қайси ҳайвон турига тегишлилиги борасида илмий хулоса олиш мақсадида тегишли ташкилотларга жўнатилди. Хулоса олингач, ҳужжатлар чора кўриш мақсадида прокуратура органларига юборилади.

Маълумот ўрнида, Жиноят кодексининг 202-моддасига кўра, Қизил китобга киритилган ҳайвонларни нобуд қилиш энг кам ойлик иш ҳақининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.