17 июль куни Шавкат Мирзиёев раислигида биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар якунлари ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Таҳлилларга кўра, 2024 йилнинг январь-июнь ойлари оралиғида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 6,4 фоизга ошди. Саноатда ўсиш 7,8 фоиз, қурилишда 10,1 фоиз, хизмат кўрсатиш соҳасида 12,9 фоиз, қишлоқ хўжалигида 3,8 фоизни ташкил этди. Бюджет даромадлари ҳам 14 фоизга ошиб, 113 трлн сўмга етди.
2024 йилнинг олти ойида мамлакатимизда яратилган қўшилган қиймат 567,4 трлн сўмни ташкил этди, бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 94 трлн сўмга кўпдир. Биринчи ярим йилликда жами капитал оқими 229 трлн сўмни ташкил этди, шундан 15,5 млрд доллари хорижий инвестициялар ҳиссасига тўғри келди.
Йил бошидан буён мамлакатимизда 3,5 млрд долларлик 3 мингта лойиҳа ишга туширилди. Бу 76 минг юқори рентабелли доимий иш ўрни яратиш имконини берди. Тадбиркорликни ривожлантириш учун 82 трлн сўм кредит ва 15,5 трлн сўм субсидиялар ажратилди. Имтиёзлар туфайли 56,3 трлн сўм ишбилармонлар ихтиёрида қолди.
Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувонда ўтказилган тажрибалар доирасида 4 мингдан ортиқ маҳалла ободонлаштирилиб, 1,6 млн аҳоли иш билан таъминланди.