Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигидан Вазирлар Маҳкамаси тасарруфига ўтишини маълум қилди.
Йиғилишда президент қурилиш инспекцияси фаолиятини «жонлантириш» зарурлигини таъкидлади. Охирги 1,5 йил давомида 2200 та қурилишга рухсатнома экспертизасиз берилган. Ўтган йили рўйхатдан ўтмасдан қурила бошлаган 1600 та объект аниқланган.
Шу боис мазкур инспекцияни ҳукуматга топшириш ва унинг ваколатларини кенгайтиришга қарор қилинди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев рухсатсиз ёки лойиҳадан четга чиқиб қурилган бинолар учун жазони кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Бундай ҳолатларни аниқлаш учун Қурилиш инспекциясининг техник воситалар, жумладан, дронлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилади.
Янги қурилиш лойиҳаларида тадбиркорлар учун электр ва газни улаш учун техник шартлар олиш тизимини рақамлаштириш вазифаси қўйилди. Инсон аралашувисиз тармоққа уланиш нуқтасини автоматик танлаш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Бу йилги Инвестиция дастурида 1896 та лойиҳага 20,5 триллион сўм йўналтирилди. Орадан олти ой ўтган бўлсада, 824 миллиард сўмлик 88 та объектда қурилиш ишлари бошланмагани маълум бўлди. Мутасаддиларга бу кечикишларни бартараф этиш вазифаси юклатилган.
Хусусан, белгиланган муддатларда 147 та шифохонани тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, 80 та поликлиника ва 67 та шифохона, 618 та мактаб, 176 та болалар боғчасида қурилиш ишларини якунлаш зарурлиги юзасидан раҳбарлар огоҳлантирилди.
2021 йилнинг апрель ойида бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев вазирлик ва идораларга бўйсунувчи назорат органларининг мустақиллигини шубҳа остига қўйган эди. Унинг сўзларига кўра, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги инспекция икки йил давомида «ўз ташаббуси билан бирорта ҳам текширув ўтказмаган ва бирорта ҳам зарар миқдорини аниқламаган», ваҳоланки, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 300 миллиард сўмлик зарарни аниқлашга муваффақ бўлишган.