Бугун президент раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, унда биринчи ярим йилликда ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар якунлари ва йилнинг қолган давридаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари оғир глобал вазиятга қарамай, Ўзбекистон барқарор иқтисодий ўсиш йўлида салмоқли ютуқларга эришаётганини таъкидлади. Бу Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, ҳамкор давлатлар раҳбарлари, рейтинг ташкилотлари ва йирик инвесторлар томонидан эътироф этилган.
Бироқ айрим туман ва шаҳарлар раҳбарлари ўз фаолиятида тизимли камчиликларга йўл қўйган, деди президент. Шу муносабат билан 28 нафар ҳокимлик раҳбарига нисбатан интизомий чоралар кўриш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Бундан ташқари, Қораўзак, Тахиатош, Учқудуқ, Тошкент, Фурқат, Гурлан, Мирзаобод, Янгиариқ, Мингбулоқ туманлари, Ғозғон шаҳри ҳокимлари ҳам эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.