Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон президенти Садир Жапаров 18-19 июль кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади.
Ташриф чоғида олий даражадаги музокаралар ўтказиш режалаштирилган бўлиб, унда ҳар томонлама стратегик шериклик тамойиллари асосида Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, бизнес тузилмалари ва ҳудудлар ўртасидаги кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш, иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш, транспорт ва транзит соҳасидаги имкониятлардан фойдаланиш, шунингдек, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашади, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади.
Бир қатор қўшма лойиҳаларни ишга тушириш ва икки томонлама ҳужжатлар пакетини имзолаш режалаштирилган.
Шу кунларда Ўзбекистонда аллақачон бизнес-форум, ректорлар форуми, шунингдек, Қирғизистон маданияти кунлари ва бошқа қўшма тадбирлар ўтказилади.