Комил Алламжонов ОАВ раҳбарлари билан телерадиоэшиттиришлар келажаги ва дезинформация муаммоларини муҳокама қилди.
Президент администрацияси раҳбари ўринбосари давлат ва нодавлат телерадиоканаллар раҳбарлари, шунингдек, бошқа ОАВ раҳбарлари билан учрашиб, оммавий ахборот воситаларининг долзарб муаммолари ва истиқболдаги истиқболларини муҳокама қилди.
Учрашувда теле ва радиоканаллар, умуман ОАВ ва медиатармоқлар олдидаги долзарб муаммолар, янги трендлар, матбуотнинг яқин келажакдаги ҳолати, шунингдек, миллий контент яратиш ишларини атрофлича муҳокама қилинган.
Сўнгги вақтларда ОАВ ва медиа вакиллари ўз фаолиятларида сенсацион материалларга урғу бераётганлиги, таъбни хира қилувчи турли нохуш вазиятлар, шу жумладан, қотиллик, ўлим билан боғлиқ ҳодисаларни бўрттириб кўрсатиш тенденцияси кузатилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда, матбуотда фейк ва дезинформацияларнинг сони ортиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, бу каби носоғлом медиа муҳитни ўзгартириш, хусусан, соҳада қонунчиликни такомиллаштириш, журналист этикасини тартибга солиш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.