Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаровнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ёзмоқда.
Суҳбат аввалида давлат раҳбари олий мартабали меҳмонни самимий қутлар экан, кейинги йилларда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган кўп қиррали ҳамкорликни тубдан кенгайтириш учун яхши замин яратилганини алоҳида таъкидлади.
«Ушбу ташриф доирасида кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнот имзоланиши икки томонлама муносабатларни янада юқори даражага олиб чиқишга ўзаро интилишдан далолат бўлиши қайд этилди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда 2 миллиард долларга етказиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш долзарб экани кўрсатиб ўтилди. Куни кеча ўтган бизнес форуми муваффақиятли бўлди, якунида янги келишувлар тўплами қабул қилинди.
Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида қайта тикланувчи энергия манбалари, автомобилсозлик ва тўқимачилик соҳаларида кооперация лойиҳалари ишга туширилади.
Стратегик аҳамиятга эга минтақавий лойиҳаларни, жумладан, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли ва Қамбарота ГЭС-1 қурилишини тез фурсатда амалга ошириш масалаларига устувор эътибор қаратилди.
Транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича янги лойиҳа таклифлари кўриб чиқилди.