Нурафшон аҳолиси деярли икки бараварга кўпаяди

O‘zbekiston

Стратегик ислоҳотлар агентлиги Нурафшон шаҳри салоҳиятини ўрганди. Тадқиқот натижасида иқтисодий ривожланиш учун қўшимча имкониятлар аниқланди. Шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорлик натижасида шаҳарни янада юксалтириш ва ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Источник: Стратегик ислоҳотлар агентлиги

Стратегик ислоҳотлар агентлиги ходимлари томонидан Нурафшон шаҳрининг салоҳияти ва қўшимча иқтисодий «ўсиш нуқталарини» жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Ўрганишлар давомида шаҳар ҳокимлиги билан бирга ҳудудни ривожлантиришга доир тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.

Ҳозирда Нурафшонда 22та маҳаллада 56 минг аҳоли яшаб келмоқда, бош режага асосан 95 мингга етказиш мўлжалланган. Шаҳарда бугунги кунда 4140 та хонадондан иборат 136 та кўп қаватли уй мавжуд. Уй-жойга эҳтиёж юқорилиги сабабли уй-жой ипотекаси учун субсидия ажратишни сўраб 1581 нафар фуқаро мурожаат қилган, умуман бугунги кунда шаҳарда қўшимча 3000 та хонадонга талаб мавжуд.

2020–2024 йилларда шаҳарда 42 та (жами 1850 та хонадон) кўп қаватли уйлар қурилган (шу даврда 1 741 та никоҳ қайд этилган). Аҳолининг турар жойга бўлган ошиб бораётган талабини қондириш мақсадида қуйидаги таклифлар тайёрланди:

  • «Тошкент йўли» кўчасида 1950–1960 йилларда қурилган, архитектура ва сейсмик талабларга жавоб бермайдиган жами 197 та уйлар негизида реновация асосида650та хонадонга мўлжалланган 6 та 9-10-қаватли турар жойлар (биринчи қавати савдо ва хизмат кўрсатиш учун) барпо этиш ва 24 млн инвестицияларни жалб қилиш;

  • «Нурафшон бизнес сити» ҳудудидаги бўш ётган 6 гектар майдонда 1200 та хонадонга мўлжалланган 20 та кўп қаватли турар жой қуриш. Мазкур уйларнинг биринчи қавати савдо ва хизмат кўрсатиш сифатида қурилади, шунингдек, 100 ўринлик болалар боғчаси ва болалар ўйин майдончаси барпо қилинади.

2. «Бирлик» маҳалласидаги 11,8 гектар майдонда:

  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва сотишга ихтисослашган логистика маркази, омбор, совуткич ҳамда экобозор ташкил қилиш таклифи илгари сурилди. Бунда 4 қаватли савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси барпо қилиниши назарда тутилмоқда;

  • автошоҳбекат барпо қилиш ва унинг 1–қаватини автошоҳбекат сифатида, юқори қаватларини савдо ва хизмат кўрсатиш, офис сифатида, ертўла қисмини 180 та енгил автомобилларга мўлжалланган 1000 квадрат метрлик автотураргоҳ қилиш ва электромобиллар учун 6 та зарядлаш қурилмалари ўрнатиш кўзда тутилган.

3. Нурафшон шаҳри ҳудудидаги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тегишли собиқ 48–сон мактабнинг фойдаланилмаётган бинолари ва 1,8 гектар ер майдонини аукцион орқали сотувга чиқариш имконияти ўрганилди. Ишлаб чиқилган таклифга кўра мазкур объект негизида 5–қаватли замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси барпо этиш режалаштирилмоқда.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги ва Нурафшон шаҳар ҳокимлиги юқоридаги ва бошқа ишлаб чиқилган барча ташаббусларни амалга оширишга доир «Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси тайёрланди.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.