Президентнинг «Тиббиёт чиқиндиларидан муқобил иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан «Sayar LLC» МЧЖ (инвестор) «Sayar green» масъулияти чекланган жамияти (лойиҳа компанияси) шаклида хорижий корхона ташкил этди.
Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида инвестор, лойиҳа компанияси ва ҳукумат номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида тузилган инвестиция шартномаси тасдиқланди.
2024 йил 1 августдан тиббий чиқиндилардан муқобил иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш учун барча тиббиёт муассасаларида ҳосил бўлган тиббий чиқиндилар тўлиқ ҳажмда лойиҳа компаниясига ўтказилади. Лойиҳа компанияси томонидан ишлаб чиқарилган иссиқлик энергияси тиббиёт муассасалари томонидан тасдиқланган тарифлар бўйича харид қилинади. Шу билан бирга, у белгиланган тартибда бошқа шахсларга ҳам берилиши мумкин.
Инвестиция лойиҳаси амалга ошириладиган ҳудудларда жойлашган барча турдаги тиббиёт муассасаларида ҳосил бўладиган тиббиёт чиқиндиларини лойиҳа компаниясига тўлиқ етказиб бериш бўйича талабга риоя этмаслик санитар осойишталик ва чиқиндиларни тўплаш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ҳамда реализация қилиш давомида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик ҳисобланади.