Ўзбекистон элчиси Абдусалом Хатамов Ўмоннинг «Salam Air» авиакомпанияси ижрочи директори Адриан Хамилтон-Маанс билан музокара ўтказди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновларини йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Адриан Хамилтон-Маанс мамлакатлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилиши икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва сайёҳлар алмашинувининг кескин ошишига хизмат қилишини таъкидлади.

Учрашув якунида Маскатдан Ўзбекистон шаҳарларининг бирига ҳаво қатновларини амалга ошириш бўйича мулоқотни давом эттириш тўғрисида келишиб олинди.