Ўзбекистонда «Лукойл» компанияси қонунни бузганликда айбдор деб топилиб, асоссиз олинган маблағларни қайтаришга мажбур бўлди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси техник олтингугуртни биржа савдолари орқали сотишда нархларни манипуляция қилиш ҳолатлари аниқланганини маълум қилди. Шунингдек, ким ошди савдосига қўйилган маҳсулотлар ҳажмида ҳам номувофиқлик мавжудлиги, бу эса нархларнинг ошишига олиб келгани аниқланди.
Департаментнинг махсус комиссияси томонидан корхонада қонун бузилганлиги аниқланди.
Натижада, «Лукойл» асоссиз равишда олинган маблағларни қайтаришга мажбур бўлди. Бундан ташқари, Қўмита томонидан аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш ва келгусида уларнинг олдини олиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Хабарда, шунингдек, махсус комиссия қарорига рози бўлмаган томон судга шикоят қилиши мумкинлиги таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Troll.uz Telegram-каналининг муаллифи Умид Ғофуров «Ўзбекинвест»даги манбасига таяниб, «Лукойл» суғурта тендерини фирибгарлик схемасидан фойдаланган ҳолда якунлагани ҳақида хабар берган эди. Улар асосий рақобатчиларни ҳисобга олмаганда монополист компанияни «ғолиб» қилишди.