Шавкат Мирзиёев Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляенни ушбу лавозимга қайта сайлангани муносабати билан табриклади ва энг эзгу тилакларини билдирди.
Давлат раҳбари ўз мактубида сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан кенг қамровли муносабатларини сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтаришда, мамлакатимиздаги ортга қайтмас тус олган демократик ва иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда Еврокомиссия Президентининг улкан шахсий ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлади.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан ҳамкорлик барча устувор йўналишларда янада юксак босқичга кўтарилишига ишонч билдирилди.
Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан муносабатларда мутлақо янги саҳифа очадиган Кенгайтирилган ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги битимни тез орада имзолаш тарафдори экани қайд этилди.
«Яқин келажакда Самарқанд шаҳрида биринчи «Марказий Осиё - Европа Иттифоқи» саммити ўтказилиши минтақавий алоқаларимизни манфаатли лойиҳалар ва дастурлар билан бойитиш йўлида муҳим амалий қадам бўлишига аминман», — дейилади президент мактубида.