«2024/2025-ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги президент фармойиши қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, 2024/2025-ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тасдиқланди.
Унга асосан:
бакалаврлар тайёрлаш бўйича кундузги таълим шаклига — 34 838 нафар;
магистрлар тайёрлаш бўйича — 9 365 нафар.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бир ҳафта муддатда қуйидаги таклифларни Давлат комиссиясига тақдим этади:
Хорижий университетлар ва уларнинг филиаллари, шунингдек, нодавлат университетлар учун 1 200 та давлат гранти;
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда хотин-қизлар учун ажратилган 2000 та давлат грантининг тақсимоти;
ўзбек тили ва адабиёти, тарих, маданият, санъат ва ҳунармандчилик йўналишларида ўқиш истагини билдирган, хорижда истиқомат қилаётган ёш ватандошлар учун 30 та давлат гранти бўйича.
Давлат олий таълим муассасаларига киришда тўплаган балига нисбатан маълум миқдордаги қўшимча балл бериладиган шаклдаги имтиёзга эга абитуриентлар 2024/2025-ўқув йилида танлаган таълим йўналиши бўйича белгиланган ўтиш бали ва ундан юқори балл тўплаган тақдирда, тўплаган балига мос равишда давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида қўшимча квота билан талабаликка тавсия этилади.