Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маданият вазири Озодбек Назарбеков бош ролни ижро этган кийим дўкони рекламаси билан боғлиқ вазиятни кўриб чиқди.
Маданият вазирлигининг тушунтиришича, Озодбек Назарбеков «The Voice» лойиҳасининг ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида лойиҳа имижмейкерлари билан биргаликда KINGSMAN UZBEKISTAN кийим-кечак дўконига ташриф буюрган. У кейинги эпизодни суратга олишда иштирок этиш учун костюм танлаган.
Қўмитанинг махсус комиссияси KINGSMAN UZBEKISTAN бренди остида фаолият юритаётган «Боутиқуэ» МЧЖ «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддаси талабларини бузган деб топди. Ушбу моддага кўра, рекламада маҳсулот давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан тасдиқланганини кўрсатиш тақиқланади.
Натижада мазкур корхонага нисбатан белгиланган тартибда жарима солиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунингдек, қоидабузарликни бартараф этиш ва келгусида бу ҳолат такрорланишининг олдини олиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, ишни махсус комиссия томонидан кўриб чиқиш жараёнида маданият вазири Озодбек Назарбеков рекламада реклама берувчи, реклама продюсери ёки реклама тарқатувчи сифатида иштирок этгани аниқланмаган.
«О. Назарбековнинг шахсий ижтимоий тармоқлар ва бошқа расмий каналлар орқали реклама тарқатмаганлиги реклама айланмаси соҳасида иштирок этиш, деб ҳисобланмайди», — дейилади хабарда.