Гулистонда сотувчи QR кодли чек сўраган боланинг юзига уриб юборгани ҳақида аввалроқ ёзгандик.
Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев 12 ёшли Шаҳбоз Қўчқоров билан учрашди. Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида жамоатчилик назоратини кучайтиришда иштирок этиш истаги ва шижоати учун болакайни олқишлади.
Қўмита раҳбари Шаҳбозжоннинг қонун-қоидаларга риоя қилгани, солиқнинг жамият учун аҳамиятини яхши тушунаётгани учун миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, у болакай барчага ўрнак бўлганини таъкидлади.
«Чек сўраганингиз учун Сирдарёда боғча, мактаб, йўл, ойлик, буджет бор. Раҳмат. Катта раҳмат», — дейди Шерзод Кудбиев.
Шунингдек, у боланинг ота-онасига ўз миннатдорчилигини билдириб, Шаҳбозжон Янги Ўзбекистондаги янги авлод намунаси эканини алоҳида таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, болакайни уриб юборган дўкон сотувчиси ижтимоий хулқ-атвор қоидаларини бузганликда айбланган. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) билан маъмурий иш қўзғатилган.