ЙҲХХнинг янги бошлиғи ашаддий ҳуқуқбузарларга қарши муросасиз курашишга ваъда берди

Ўзбекистон

ЙҲХХнинг янги бошлиғи Шерзод Ибрагимов ашаддий ҳуқуқбузарларга қарши муросасиз курашишга ваъда берди. Унга кўра, хавфсизлик «пиёда – жамоат транспорти – велотранспорт – автотранспорт» устуворлиги асосида таъминланади.

Фото: Репортаждан кадр

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ) янги бошлиғи Шерзод Ибрагимовнинг маълум қилишича, унинг идораси йўл ҳаракати қоидаларини бузганларга нисбатан қаттиқ чоралар кўради. Унинг мурожаати «Ўзбекистон 24» телеканалида намойиш этилди.

Иброҳимовнинг сўзларига кўра, йўл ҳаракати қатнашчилари хавфсизлиги биринчи ўринда туриши керак. «Пиёда – жамоат транспорти – велотранспорт – автотранспорт» тартибида хавфсизлик таъминланиши кераклигини таъкидлади.

ЙҲХХ бошлиғининг сўзларига кўра, давлат раҳбари томонидан автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш мақсадида янги-янги ўзгаришларни амалга ошириш бўйича улкан вазифалар қўйилган.

21 июлдан Ўзбекистонда «Йўл ҳаракати тўғрисида»ги янги қонун кучга кирди (январь ойида имзоланган). Шерзод Ибрагимовнинг айтишича, бу қонун соҳа ва давлат органлари зиммасига қатъий масъулиятни юклайди ва сифат жиҳатдан янги механизмларни ўрнатади.

Ибрагимов президент томонидан қонунлар қоғозда эмас, амалда қатъий бажарилиши, ислоҳотлар ҳар бир хонадон, ҳар бир маҳаллага кириб бориши, юртдошлар уларнинг амалий самарасини кундалик ҳаётида доимо ҳис қилиши зарурлигига муҳим эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, уларнинг амалиётга татбиқ қилинишини таъминлаш мақсадида, йўл ҳаракати иштирокчиларининг «пиёда – жамоат транспорти – велотранспорт – автотранспорт» устуворлиги асосида хавфсиз ҳаракатланиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгилаб олинди

Ҳайдовчилар ва пиёдаларда йўл ҳаракати қоидаларини ҳурмат қилиш ва уларга сўзсиз риоя этиш маданиятини юксалтириш, аҳоли уларни бузмаслик иммунитетини шакллантириш, аварияларнинг асл омилларини илмий жиҳатдан ўрганиш ва комплекс бартараф этиш, таълим муассасалари олди, ҳодисалар ўчоқлари ва пиёдалар ўтиш жойларида ишончли, хавфсиз тизимни яратиш, шунингдек, ашаддий ҳуқуқбузарларга қарши муросасиз курашиш соҳанинг долзарб вазифасига айланади.

Шерзод Ибрагимов йўллардаги хавфсизликни таъминлаш, автоҳалокатларнинг олдини олиш барчанинг бурчи эканини таъкидлаб, қоидабузарликларга қарши ҳамкорликда курашишга чақирди.

«Сиз йўлларда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларингизни тўлиқ ифода қилиш билан нафақат қонунга итоат қилишингизни билдирасиз, балки атрофдагилар учун йўл ҳаракати қоидалари тарғиботини ҳам амалга оширган бўласиз», — деди соҳа раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, йўл ҳаракати соҳасида қилинаётган ишлар ва янгиликлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилиши режа қилинган. Анжуман вақти ва манзили бўйича қўшимча маълумот берилади.

Полковник Шерзод Ибрагимов ўз сўзи якунида барчани йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишга, уйга эсон-омон қайтишга чақирди. Бу хайрли ишга ҳар ким ўз ҳиссасини қўшиши мумкинлигини таъкидлади.

Мавзуга оид материаллар