1 апрелдан бери Ўзбекистон Қозоғистонга Сирдарё орқали 3,9 млрд куб/метр сув жўнатган. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Сув хўжалиги ва ирригация вазирлиги матбуот хизматига таяниб, «Ак Жайык» хабар берди.
Аввалроқ сув хўжалиги ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов Ўзбекистон томони билан Қозоғистонга келгуси олти ой ичида 3,7 млрд куб/метр сув жўнатишини келишиб олганди. Бироқ Ўзбекистон томони белгиланган ҳажмдаги сувни тўрт ойда жўнатиб, ўз мажбуриятларини муддатидан олдин бажарди.
Суғориш даври якунига қадар Ўзбекистон Қозоғистонга 1 млрд куб/метрга яқин сув жўнатиши кутилмоқда. Бу ишлар Қозоғистоннинг жанубий вилоятлари фермерларининг эҳтиёжларини қондириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда Шардара сув омборига тўлдириш ҳажми 2,6 млрд куб/метрни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 689 миллион куб метрга кўпдир. Шардара сув омборига жами 3,9 млрд куб/метр сув келди.
Шардара сув омборидан Сирдарёнинг қуйи оқимига 3,6 миллиард куб метр сув юборилди, бу ўтган йилга нисбатан 950 млн куб/метрга кўпдир. Қизилқум каналига 700 млн куб/метрдан ортиқ, Шимолий Орол денгизига 400 млн куб/метрдан ортиқ сув келиб тушди.
«Oлиб борилган музокаралар ҳамда қўшниларимиз билан Тўқтўғул сув омбори ва Баҳри-Тожик сув омборининг иш жадвали бўйича дастлабки келишувимиз туфайли Дўстлик давлатлараро каналининг Қозоғистон қисмига сув тўхтовсиз оқмоқда. Эндиликда ушбу канал орқали мамлакатимизга секундига 90 куб/метр сув оқиб ўтмоқда, бу эса Туркистон вилояти фермерларини сув билан таъминлаш учун етарли», — дейди Қозоғистон сув хўжалиги ва ирригация вазирлиги расмий вакили Молдир Абдуалиева.