Ўзбекистон ва Россия халқаро педагогик тадқиқотлар марказини ташкил этади. Марказ фаолияти доирасида академик ва илмий стажировкалар ўтказилади.
Тегишли шартнома Россия таълим академияси, Ўзбекистон Олий таълим тизимидаги кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ўртасида имзоланди.
Ҳамкорлар таълимни ривожлантириш бўйича услубий ва амалий ёндашувлар алмашиш, мониторинг ва тадқиқотлар ўтказиш, қўшма лойиҳа фаолиятини амалга ошириш учун олимлар ва экспертлардан иборат қўшма гуруҳларни ташкил этади.
Марказда академик ва илмий стажировкалар ташкил этилади, бу эса иштирокчи мамлакатлардаги илмий мактаблар тажрибасини ўрганиш имконини беради.
Марказ фаолияти таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича илмий ёндашувларни мазмунли таҳлил қилиш имконини беради, таълим фанларини такомиллаштириш масалаларида ўзаро ҳамкорликни кучайтиради ҳамда қўшма тадқиқот ва лойиҳалар орқали миллий таълим ва фан тизимини ривожлантиришга хизмат қилади.