Эфиопия жанубида содир бўлган икки кўчки оқибатида 229 га яқин одам ҳалок бўлди, дея хабар беради маҳаллий ҳукумат.
Якшанба куни кечқурун ва душанба куни эрталаб Гезе-Гофа ҳудудида кўчкилар содир бўлди.
Туман ҳокимлиги матбуот хизмати тарқатган баёнотда айтилишича, ҳалок бўлганлар орасида 148 эркак ва 81 аёл бор.
Қутқарув ишларида Эфиопия Қизил Хоч ходимлари ва қўшни вилоят ва зоналар мутахассислари иштирок этмоқда. Улар воқеа жойида бўлиб, жабрланганларга ёрдам кўрсатишмоқда.
Эфиопияда айни дамда июль ойида бошланган ва сентябрь ўрталаригача давом этиши кутилаётган ёмғирли мавсум кузатилмоқда. Мавсумий ёмғирлар баъзан мамлакатнинг айрим ҳудудларида кўчкиларга сабаб бўлади.