2024 йилнинг ўтган 6 ойида меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш қонунчилигига риоя этилиши юзасидан амалга оширилган фаолиятимизга тўхталадиган бўлсак, шу давр мобайнида Давлат меҳнат инспекторлари томонидан 7 720 та назорат тадбири ўтказилган бўлиб, унда 21 436 та қонун бузилиш ҳолати аниқланган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Жамолиддин Қаландаров маълум қилди.
Шунингдек, 4 335 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилган. Аниқланган қонунбузилишларнинг 8 мингтаси меҳнат муҳофазаси ва меҳнат шароитлари яратилмаганлиги билан боғлиқ бўлиб, ҳозирда ушбу ҳолатлар бартараф этилган ва ходимларнинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланган.
Таҳлил шуни кўрсатдики, бахтсиз ҳодисаларнинг асосий сабаблари:
соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиб берилмагани;
меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этмаслик;
ходимларни шахсий ҳимоя воситалари билан таъминламаслик;
ходимлар ўқитилиб билимлари синалмасдан ишларга жалб қилиниши;
ходимларнинг меҳнат хавфсизлиги талабларига эътиборсиз қараши.