2020–2022 йиллар давомида жами 9690 та ов йўлланмалари «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддаси талабларига зид равишда фойдаланилганидан сўнг қайтарилмаган. Бунинг оқибатида ов йўлланмаларидан такрорий фойдаланиш ҳамда ноқонуний ов қилишга шароит яратиб берилган, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги.
Шунингдек, Экология вазирлиги фуқаролардан келиб тушган кўп сонли мурожаатлар асосида бирлашманинг Сирдарё вилояти бўлими фаолиятини ўрганди. Натижада ов хўжалигининг ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартномаси амал қилиш муддати 2022 йил 31 декабрда тугаган бўлсада, хўжалик томонидан 2023 йил давомида 25 минг бош ҳайвонларни овлаш учун ноқонуний йўлланмалар сотилгани маълум бўлди.
«Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддаси талабларига зид равишда, 20 та ҳолатда мазкур хўжалик томонидан сотилган рухсатнома асосида овчилар томонидан тақиқланган муддатларда 49 та ёввойи қуш овланган.
2023 йилдаги назорат тадбирларида Республика бўйича ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жами 997 та ҳолат аниқланган ва 995 нафар шахсга нисбатан 1,7 млрд сўмлик чоралар кўрилган. Бундан ташқари, 2024 йилнинг I ва II чоракларида ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузиш билан боғлиқ 287 та ҳолатда 298 нафар шахсга нисбатан 957 млн сўмлик жарима белгиланган.
Ушбу қонун бузилиши ҳолатлари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга материаллар тақдим этилган бўлиб, бугунги кунда ҳуқуқий баҳо берилмоқда.