Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг мажлисида «Космик фазо, шу жумладан Ойни ва бошқа самовий жисмларни тадқиқ қилиш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича давлатларнинг фаолияти принциплари тўғрисидаги шартномага (Лондон, Москва ва Вашингтон, 1967 йил 27 январь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида»ги қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Сенаторлар халқаро ҳужжатга мамлакатимиз қўшилиши Ўзбекистонга космик фазони тадқиқ қилиш ва ундан фойдаланиш, космоснинг барча ҳудудлари ва осмон жисмларига эркин кириш, шунингдек, халқаро космик лойиҳаларда, ресурслар ва билимлар алмашинувида қатнашиш имкониятларини очиб беришини алоҳида таъкидлади.
Қайд этилишича, 2024 йил ҳолатига кўра шартномага 114 давлат қўшилган. Мазкур шартнома космик фазонинг ҳуқуқий мақоми асосларини қамраб олувчи 17 та моддани ўз ичига олади.