Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда консептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқларини хорижий давлатларда янада кафолатли таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси томонидан Озарбайжон, Бирлашган Араб Амирликлари, Грузия, Италия, Латвия, Туркия, Туркманистон, Украина, Қозоғистон, Эрон давлатлари билан маҳкумларнинг жазо ўташни давом эттириш учун ўтказиш бўйича халқаро шартномалар имзоланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг «Мажбурий даволаш ўтказиш учун руҳий касалликка чалинган шахсларни топшириш тўғрисида»ги Конвенцияси иштирокчиси ҳисобланади.
Бироқ, бугунги кунда Жиноят-процессуал кодексда хорижий давлатлар судларининг қарорларини тан олиш ва ижро этиш, маҳкумларни топшириш ва қабул қилиш асослари, суд жараёни иштирокчиларининг процессуал мақоми ҳамда жазо белгилашни тартибга солувчи қоидалар назарда тутилмаган.
Қонун лойиҳаси билан Жиноят-процессуал кодексга хорижий давлатлар судларининг қарорларини тан олиш ва ижро этиш, жазо белгилаш ҳамда маҳкумларни топшириш ва уларни қабул қилиш асослари, суд жараёни иштирокчиларининг процессуал мақомини назарда тутувчи тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, ушбу кодекс хорижий давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш, озодликдан маҳрум этилган шахсни жазони ўташни, тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахсни мажбурий даволашни давом эттириш учун қабул қилиш ва хорижий давлатга бериш тўғрисидаги алоҳида боб билан тўлдирилмоқда.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси хориждаги фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини янада самарали ҳимоя қилишга, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига зиён етказилишининг олдини олишга, мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги мавқеини янада оширишга хизмат қилади. Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.