24 июль куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди 36 ёшли фуқарога нисбатан маъмурий ишни кўриб чиқди. У Исроил элчиси Ўзбекистондаги миссиясини якунлагани ҳақидаги постда агрессив изоҳ қолдирган. Бу ҳақда суднинг тегишли қарорида (таҳририятда мавжуд) кўрсатилган.
Иш материалларига кўра, Р.А ўз изоҳи юзасидан тушунтириш олиш учун Мирзо Улуғбек тумани ИИБга чақирилган. Бироқ у ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмай, бинога кираверишда бақириб, баланд овозда сўкиниб, жамоат тартибини бузган.
Суд мажлисида Р.А ИИБга тушунтириш олиш учун келганини ва ҳеч қандай ортиқча ҳаракатлар қилмаганини маълум қилди. У биринчи огоҳлантиришни сўради.
Суд фуқаро Р.А.ни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси 1-қисми (Ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига риоя қилмаслик)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбдор деб топди. Унга нисбатан 10 суткага маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.