15-22 июль кунлари дунёнинг 62 давлатидан 14 ёшдан 17 ёшгача бўлган 100 дан ортиқ ўқувчилари иштирокида ўтказилган немис тили бўйича халқаро мусобақада Андижон шаҳридаги 4-мактаб ўқувчиси Райёна Иброҳимова барча босқичлардан муваффақиятли ўтиб, тегишли даража бўйича биринчи ўринни қўлга киритди.
«Биз билан бирга бўлинг! Билим олиб келажакни яратинг» шиори остида ўтказилган беллашувларда юртдошимиз билан биргаликда Маҳек Хон (Бангладеш) ва Ана Котевскалар (Шимолий Македония) ҳам тегишли тил даражаларда олимпиада ғолиблари бўлишди.
Халқаро мусобақада нафақат ўқувчининг немис тили бўйича билимлари, балки маданиятлараро компетенцияси, жамоада ишлай олиш ҳамда ижодкорлик қобилиятлари баҳоланди.
Таъкидлаш жоизки, Бутунжаҳон немис тили олимпиадаси (IDO) ҳар икки йилда Гёте-Институт томонидан Халқаро немис тили ўқитувчилари ассоциацияси билан биргаликда ташкил этилади.
IDO-2024 Гёттинген шаҳри обербургомистри Петра Бройстедт ҳомийлиги остида Гёттинген университети Билимлар музейи ҳамда Билимлар форуми билан узвий ҳамкорликда ўтказилди.
Ўқувчиларга ўз мамлакатларидан энг маҳоратли немис тили ўқитувчилари ҳамроҳлик қилди. Олимпиада кунлари ўқитувчилар учун немис тилини хорижий тил сифатида ўқитиш соҳасидаги энг янги педагогик технологиялар бўйича малака ошириш семинарлари ташкил этилди.