BYD Uzbekistan Factory қўшма корхонаси нима сабабдан 850 та автомобилни таъмирлаш бўйича тендер эълон қилганини тушунтирди.
24 июль куни Troll.uz блогида тендер ҳақидаги маълумотлар эълон қилинганди. Блог муаллифи Умид Гафуров 2023 йил сентябрь ойида Сергели туманидаги омборхонада портлаш содир бўлганини, бунинг оқибатида BYD BYD Uzbekistanʼга тегишли автомобиллар портлаш тўлқини ва шрапнеллардан зарар кўрганини эслатди.
Ўшанда компания хавфсизлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш нуқтаи назаридан барча шикастланган автомобиллар утилизация қилинишини айтганди.
Жорий йилнинг апрель ойида BYD Uzbekistan Factory томонидан 5,7 миллиард сўмлик турли шикастланган 850 та автомобилни таъмирлаш бўйича очиқ тендер эълон қилинганди. Гап тўртта эшикдаги енгил, ўрта ва оғир чуқурликларни бўяшсиз тузатиш ҳақида бормоқда.
Гафуров бу 850 та машина билан портлашдан зарар кўрган ва бекор қилиниши керак бўлган машиналар ўртасида боғлиқлик борми, деб қизиқди. Шунингдек, Хитойдан тайёр автомобиллар ишлаб чиқариш ва импорт қилиш билан шуғулланувчи компания нега мингга яқин шикастланган автомобилни таъмирлаш учун тендер эълон қилаётганини ҳам сўради.
Компания матбуот хизмати Сергели туманидаги омборхонада содир бўлган портлаш вақтида «кўрсатилган омборда сақланаётган бир қанча BYD русумли автомашиналар» шикастланганини маълум қилди. Ваколатли ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилган хизмат текшируви якунлангач, жиддий шикастланган иккита автомашинани кейинчалик утилизация қилиш учун омборга жўнатиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Зарар кўрган автомобилларнинг аниқ сони маълум қилинмаган.
Таъкидланганидек, Хитойдан олиб ўтиш чоғида енгил шикастланган (кичик чуқурчалар, тирналган) автомобилларнинг бир қисми, шунингдек, кузовида енгил шикастланиш бўлган автомобиллар кейинги таъмирлаш учун танлаб олинди. Айнан шу мақсадларда жорий йилнинг апрель ойида BYD Uzbekistan заводи BYD автомобиль кузовларини таъмирлаш хизматларини харид қилиш бўйича очиқ тендер эълон қилган.
Автотранспорт воситаларининг шикастланиш даражаси тендернинг техник шартларида кўрсатилган талаблар билан тасдиқланади. Барча таъмирланган автомобиллар ишлаб чиқарувчи томонидан техник синовдан ўтказилди.
BYD Uzbekistan Factory таъмирланган барча автомобиллар чегирмали нархда сотилганини маълум қилди. Улар ички эҳтиёжлари учун тармоқдаги тузилмавий компанияларга, шунингдек, шундай корхоналар ходимларига сотилган. Шу билан бирга, амалга оширилган таъмирлаш ишлари ҳақида тўлиқ маълумот берилди ва завод кафолати сақланиб қолди.
Ишлаб чиқарувчининг маълумотларига кўра, йил бошида BYD Chazor ва BYD Song Plus моделлари жорий 2024 йил авлодларига янгиланган. Янгиланган кўриниш (фейслифтинг), шунингдек, VIN-код автомобилларнинг белгиланган ҳолатлардан олдин ёки кейин ишлаб чиқарилган ёки импорт қилинганлигини аниқлашни осонлаштиради. Шаффофликни таъминлаш учун қайта тикланган транспорт воситаларининг ВИН рақамлари билан тўлиқ рўйхати тақдим этилди.
BYD Uzbekistan Factory қўшма корхонаси ўз фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича доимий интилишларини таъкидлади.