Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистон Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тендер савдоларини ўтказишда рақобат тўғрисидаги қонун талабларини бузганини маълум қилди.
Қўмитага 10 июнда бошланғич қиймати 26 млрд 500 млн сўмга яқин ўтказилган тендер савдолари юзасидан мурожаат келиб тушган.
Вазиятни ўрганиб чиққан қўмита «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддаси — «Тендер савдоларида рақобатни чеклашга қўйиладиган талаблар» бузилганини аниқлади. Шу муносабат билан кимошди савдоси натижаларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида буйруқ юборилди.
Бундан ташқари, қонун бузилишига йўл қўйган шахсни маъмурий жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқилади.