Энергетика вазирлиги электр энергиясидаги узилишлар фақат бир кунлик бўлганини маълум қилди

O‘zbekiston

Энергетика вазирлиги ҳар куни соат 11:00 дан 17:00 гача электр энергияси узилиши ҳақидаги хабарларни рад этди. Вазирликнинг таъкидлашича, ҳеч бир вилоятда электр таъминотидан узиш бўйича бундай режалар йўқ.

Энергетика вазирлигининг 26 июль санасида соатлик ва кунлик электр энергияси истеъмоли рекорди янгилангани ҳақидаги хабарида келтирилган фактлар нотўғри талқин қилинаётган ҳолатлар учради.

Хусусан, бир қатор телеграм каналларида бири-биридан кўчириб босилаётган постларда юқоридаги материалда келтирилган маълумот — 26 июль Тошкент шаҳрида соат 11 дан соат 17 гача айрим истеъмолчиларга киритилган қисқа муддатли вақтинчалик чекловлар ҳақидаги факт «Электр энергияси 11 дан 17 гача ўчирилади» мазмунида нотўғри талқин қилинмоқда.

Энергетика вазирлигининг таъкидлашича, эртага ёки кейинги кунларда ҳам соат 11 дан соат 17 гача электр энергиясини ўчириш режалаштирилмаяпти.

«Қадрли юртдошлар, Энергетика вазирлиги ҳеч бир ҳудудда бу каби ўчиришларни режалаштирмаяпти. Хабарда фақат келгусида кузатилаётган иссиқлик фонида қайсидир ҳудудда ортиқча юклама туфайли авария ҳолати юзага келиш эҳтимоли пайдо бўлса, ўша тармоқ ёки трансформатор токи совиб олгунига қадар қисқа муддат тармоқдан узиб турилиши мумкинлиги айтилган.

Алоҳида қайд этамизки, айни кунларда ҳам генерация бўйича ҳеч қандай танқислик йўқ ва бу бўйича мажбурий ўчиришлар кўзда тутилмаган. Юқоридаги материалда айтилганидек, энерготизимда талабдан ортиқ 1300 МВт захира қувватлари мавжуд», — дейилади хабарда.

Mavzuga oid materiallar