Қозоғистон Ўзбекистонда «бажонидил» сотилаётган афғонистон газли сувини тақиқлади

O‘zbekiston

Қозоғистон Афғонистондан Royal, Paradise, Mani, Pure ва «Олтин ҳаёт» анорли газланган ичимликлар харид қилмасликка қарор қилди. Бунга банкада бўёқ таркиби (азорубин Э122) ҳақида огоҳлантирувчи ёрлиқ йўқлиги сабаб бўлган.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиология назорати қўмитаси хабар беришича, мутахассислар юқоридаги қайд этилган газли ичимлик сувини санитария назоратидан ўтказган.

Маълум бўлишича, ичимликларнинг маркаланиши Божхона иттифоқининг «Озиқ-овқат маҳсулотларининг маркаланиши бўйича» техник регламенти талабларига мос келмайди. Ичимлик банкасида бўёқ таркиби (азорубин Э122) ҳақида огоҳлантирувчи ёрлиқ йўқ. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, модда болаларнинг фаоллиги ва эътиборига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

«Шунингдек, ушбу ичимликлар учун мувофиқлик декларацияси йўқлиги аниқланди, бу ишлаб чиқарувчи (импорт қилувчи) Божхона иттифоқи техник регламентларининг мажбурий талабларига мувофиқлигини баҳолаш тартиб-қоидаларидан ўтмаганлигини кўрсатади», — дея тушунтирди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Бу ичимлик аввалроқ Ўзбекистонда синовдан ўтказилган. Унинг таркибида заҳарли ёки инсон саломатлиги учун зарарли моддалар топилмаган.

Mavzuga oid materiallar