Бугун Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов «Abu Dhabi Sustainable Water Solutions» (SWS) компанияси вакиллари ва «Ўзсувтаъминот» АЖ бошқаруви раиси в.б. Ахмад Суванкулов иштирокида Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида янги замонавий оқова сувларни тозалаш иншооти қурилиши лойиҳаси бўйича биргаликда ишлаб чиқиш битимини (JDA) имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Лойиҳа доирасида Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ тумани «Сурум» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида суткасига 1 миллион м³ оқова сув тозалаш қувватига эга бўлган замонавий оқова сув тозалаш иншооти ва 42 километрли оқова сув коллекторларини қуриш ишлари кўзда тутилган.
Лойиҳа «Abu Dhabi Sustainable Water Solutions» (SWS) ва унинг технологик ҳамкорлари сифатида танланган SUEZ (Франция) ва Марубени (Япония) компаниялари консорциуми томонидан амалга оширилади.
Лойиҳанинг дастлабки параметрларига кўра, биринчи босқичда иншоотнинг қуввати суткасига 1 000 000 м3 бўлиб, кейинчалик 1,5 миллион куб метрни ташкил этади.
Шунингдек, оқова сувларни тозалаш билан боғлиқ жараёнларини самарали мониторинг қилиш ва бошқаришни таъминлайдиган SCADA (маълумотларни бошқариш ва йиғиш) ва GIS (геоинформацион) тизимлари жорий этилади.
Лойиҳанинг афзаллиги шундаки, унда замонавий технологияларни жорий қилиш натижасида, оқова сув тозалаш жараёни самарадорлиги янада оширилиши ва ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланиш таъминланади.
Яъни 10 млн кВтдан кўпроқ электр энергия иқтисод қилинишига замин яратилади. Шунингдек, ушбу лойиҳа нафақат техник инфратузилмани ривожлантиради, балки Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир ва Янгиҳаёт туманларидаги санитар-эпидемиологик ва экологик ҳолатни яхшилайди.
Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 1,5 миллионга яқин аҳолининг оқова сув хизмати яхшиланади ва 500 мингдан ортиқ аҳоли ҳамда юздан ортиқ корхона-ташкилотлар марказлашган оқова сув хизмати билан таъминланади.
Маросимда сўз олган «Ўзсувтаъминот» АЖ бошқаруви раиси Ахмад Суванкулов: «Мазкур лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш ҳамкорликнинг самарали ва узоқ йиллар давом этишини таъминлайди», — дея таъкидлади. Шунингдек, келгусида мамлакатимиз ичимлик ва оқова тизимини ривожлантириш бўйича икки томон учун ҳам манфаатли бўладиган лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканлигини билдирди.