Қозоғистон бокс федерациясининг расмий аккаунтида федерация вице-президенти Азиз Кожамбетов ва бокс бўйича терма жамоанинг барча мураббийлари ишдан бўшатилиши ҳақида хабар эълон қилинди. Бу ҳақда Вести.кз хабар берди. Бироқ шундан кўп ўтмай, хабар ўчирилди.
Мурожаатда: «Қозоғистон эркаклар терма жамоасининг Париждаги Олимпиада ўйинларидаги қониқарсиз натижалари туфайли қуйидаги мутахассислар ўз лавозимидан озод этилгани ҳақида маълум қиламиз», — деб ёзилган.
Бундан ташқари, «ишдан бўшатиш» постида терма жамоа мураббийларининг тўлиқ таркиби санаб ўтилган.
бош мураббий - Мирзагали Айтжанов;
катта мураббий - Марат Жақиев;
мураббий - Нуркен Андасов;
мураббий - Нуржан Насанов;
мураббий - Ғани Ашкеэв;
мураббий - Эрмек Эртаев;
мураббий - Талгатбек Жакпеков;
мураббий - Закир Сафиулин;
мураббий - Азамат Макажанов;
мураббий - Жамил Жусип;
маслаҳатчи-тренер - Донатас Янусевичус.
Пост федерация саҳифасида бир неча сония осилиб турди ва кейин ўчириб ташланган. Бироқ постнинг скриншотлари тезда ижтимоий тармоқларда тарқалди.
«Биз ушбу янгиликни тасдиқламаймиз. Боксда ўзгартиришлар бўлади, бу ҳақда яқин кунларда расмий аккаунтларда эълон қиламиз», — дея Тенгри Спорт сўровига жавоб берди Қозоғистон бокс федерацияси матбуот хизмати.
14 август оқшомида саҳифада бор-йўғи 10 нафар мураббий ишдан бўшатилгани ҳақида янги хабар пайдо бўлди.
«Қозоғистон боксида кадрлар ўзгариши бўлди. Париждаги Олимпиада якунлари бўйича мураббийлар кенгаши бўлиб ўтди. Бокс бўйича эркаклар терма жамоаси мураббийлар штаби ишдан бутунлай четлаштирилди», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Қозоғистон бокс федерациясининг қарори Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлигининг Спорт ва жисмоний тарбия қўмитаси билан келишилган.
Шундай қилиб, қуйидаги ўзгаришлар юз берди:
Бош мураббий Мирзагали Айтжанов ва мураббийлар штаби таркибидан 10 нафар мутахассис эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, Қозоғистон бокс федерацияси вице-президенти Азиз Кожамбетов ҳам ўз лавозимини тарк этди.
Бокс бўйича Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий Турсингали Эдилов Қозоғистон бокс федерацияси президенти маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.
«Янги мураббийлар штаби кейинроқ тақдим этилади», — дея хулоса қилди федерация.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилги Олимпиада ўйинларининг бокс дастурида Қозоғистондан 10 нафар боксчи қатнашган: етти нафар эркак ва уч нафар аёл, уларнинг кўпчилиги стартда мағлуб бўлган.