Ироқ парламенти қизларнинг турмуш қуриш ёшини 9 ёшга туширувчи қонунни биринчи ўқишда қабул қилди. Ўғил болалар учун улар ёшни 15 ёшгача камайтиришни хоҳлашади. Аёллар ҳуқуқлари фаолларининг айтишича, қонун қизларни зўрлашни амалда қонунийлаштиради. Шу муносабат билан Бағдод ва мамлакатнинг бошқа шаҳарлари кўчаларида норозилик намойишлари бошланди. Қонун тарафдорлари намойишчиларни «маънавий таназзулда» ва «Ғарб кун тартибига риоя қилганликда» айбламоқда, деб ёзади ОАВ.
The Guardian қайд этишича, мана бир неча йилдирки, Ироқ парламентидаги аксарият ўринларни шиа диний гуруҳлари эгаллаб, улар шариат асосидаги бир қанча қонунларни қабул қилган. Қонунлардан бири, агар зўрловчи жабрланувчига уйланса, зўрлаш учун жавобгарликдан қочишни ўз ичига олади.
Аёллар ҳуқуқлари фаолларининг фикрича, консерватив қонунларнинг қабул қилиниши 2019 йилда ёшларнинг ҳукуматга қарши намойишлари қўрқуви билан боғлиқ.
«2019 йилги оммавий норозилик намойишларидан сўнг бу сиёсий ўйинчилар аёлларнинг жамиятдаги роли мустаҳкамлана бошлаганини кўрдилар. Улар феминистлар, аёллар ташкилотлари, фуқаролик жамияти ва фаол ҳаракатлар уларнинг кучи ва мавқеига таҳдид солаётганини ҳис қилишди. Ва уларни бостиришни бошладилар», — деди Ироқда жойлашган Аман аёллар альянси асосчиларидан бири Надия Маҳмуд.
Айни пайтда парламентдаги 25 нафар аёл депутат қонун лойиҳаси бўйича қайта овоз беришнинг олдини олишга уринмоқда, бироқ кучли қаршиликка дуч келмоқда.
«Ушбу қонунни қўллаб-қувватловчи эркак депутатлар: вояга етмаганга турмушга чиқишнинг нимаси ёмон? Уларнинг фикрлаш доираси тор. Улар одамлар тақдирини белгиловчи қонунчилар эканини ҳисобга олмайди», — деди ироқлик депутат Алиа Нассиф, никоҳ ёшини пасайтиришга қарши норозилик билдирган.