Исроил Ливанга зарба бериб, 10 кишини ўлдирди

Dunyo

Исроил Ливан жанубига зарба берди. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 10 киши ҳалок бўлган, яна 5 киши жароҳатланган. Зарбага жавобан Ҳизбуллоҳ Исроил шимолига 55 та ракета учирди.

Фото: Zuma / ТАСС

Исроил ҳарбийлари Ливан жанубидаги Набатия вилоятига ҳужум қилди. Натижада ўн киши ҳалок бўлди, улар орасида Сурия фуқаролари — бир аёл ва унинг икки фарзанди ҳам бор. Яна беш киши жароҳатланган.

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳужум уюштирилган ҳудудда заводлар ва ишчилар яшайди. Цахалнинг даъво қилишича, зарба нишони Ҳизбуллоҳ қўллаган қурол омбори бўлган.

Зарбага жавобан Ҳизбуллоҳ Исроил шимолига 55 та ракета учирди. Жабрланганлар ҳақида хабар берилмаган.

Ҳизбуллоҳ томонидан учирилган ракета Исроил томонидан аннекция қилинган Голан тепаликларида футбол ўйнаётган 12 нафар бола ва ўсмирнинг ҳаётига зомин бўлганидан кейин Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасидаги кескинлик ошди. Бунга жавобан Исроил Байрутга зарба берди, натижада Ҳизбуллоҳнинг стратегик тузилмаси раҳбари Фуад Шукр ҳалок бўлди.

Mavzuga oid materiallar