Давлат раҳбари ишбилармонлар билан учрашувда бу ўйланган ва узоқни кўзлаган танлов, шунингдек, ислоҳотларнинг узвий қисми эканини таъкидлади.
«Эртанги кунимиз — бу тенг рақобат муҳити ва экспортга қаратилган саноат ва савдо сиёсати. Иқтисодиётимизга олдинлари протекция қайсидир маънода керак эди. Яна шу йўлда давом этсак, имкониятларимиз чекланиб қолади. Чунки, халқаро ишлаб чиқариш занжирларига кирмасак, иқтисодий ўсиш биз кутгандек бўлмайди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Жорий йилнинг етти ойида Ўзбекистон экспорти 13 фоизга ўсиб, 10 миллиард АҚШ долларидан ошди.
Президент таъкидлаганидек, мамлакатимиз корхоналарининг ташқи бозорга чиқишини давлатимиз бундан буён ҳам қўллаб-қувватлайди.
ЖСТга аъзо бўлиш, ўз навбатида, Ўзбекистонга юкларнинг халқаро транзитида ортиқча тўловлар ёки чекловларни бартараф этиш имконини беради, бу эса давлатимизнинг рақобатбардош бўлиши учун яна бир туртки бўлади.
Давлат раҳбари пестицидлар устидан назорат ўрнатилмаса, 2030 йилгача қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 10 миллиард долларга етказиш мақсадига эришиб бўлмаслигини таъкидлади. Шу боис маҳсулот ва хизматлар сифатини ошириш, ташқи бозорда муносиб ўрин топиш учун халқаро стандартларга ўтиш зарур.