Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистон билан 2024 йилдан 2028 йилгача бўлган даврга мўлжалланган ҳамкорликнинг янги стратегияси ишга туширилишини эълон қилди.
Беш йиллик стратегия ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, унинг мақсади Ўзбекистон иқтисодиётини «яшил» ва инклюзив иқтисодиётга айлантиришдир. ОТБ хусусий секторни ривожлантириш ва рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, инсон капиталига инвестицияларни рағбатлантиришда республика ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилади.
ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков таъкидлаганидек, ҳамкорликнинг янги стратегияси Ўзбекистонга 2030 йилгача яшил иқтисодиётга ўтиш бўйича стратегик мақсадларига эришишга ёрдам беради.
«ОТБ ташқи глобал ва минтақавий зарбалар шароитида ҳам мамлакатга барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ва қашшоқликни камайтиришга ёрдам беришга содиқ қолади. ОТБ Ўзбекистоннинг узоқ йиллик ишончли ҳамкори сифатида мамлакатдаги фаолиятини, сиёсий мулоқот ва инновацион ечимларни янги ҳамкорликнинг стратегик мақсадларига эришиш учун сафарбар этади», — деди ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий миссияси директори Канокпан Лао-Арайа.
Янги стратегия ОТБнинг турли соҳаларда, жумладан, энергетика, давлат секторини бошқариш, молия, транспорт, қишлоқ хўжалиги, табиий ресурсларни бошқариш ва шаҳарларни ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутади. Банк, шунингдек:
бутун мамлакат бўйлаб таълим ва малака ошириш сифати, инклюзивлиги ва долзарблигини оширишга, тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга ҳисса қўшади;
иқтисодиётда хусусий секторнинг ролини кенгайтириш учун макроиқтисодий ва фискал ислоҳотларни кучайтиради;
давлат корхоналарини ўзгартириш ва хусусийлаштиришга тайёрлашда ёрдам беради;
ички молия бозорларини такомиллаштириш ва инфратузилмага инвестициялар, шунингдек, тўғридан-тўғри суверен бўлмаган молиялаштириш ва давлат-хусусий шериклик орқали «хусусий манфаатдор томонлар»ни қўллаб-қувватлайди;
маҳаллий ва халқаро компаниялар, инвесторлар ва ишбилармонлар бирлашмалари билан биргаликда молиялаштириш бўйича ҳамкорлик ва мулоқотни кенгайтиради;
иқлим ўзгаришига қарши курашиш, одамларга сармоя киритиш, гендер тенглигини ҳимоя қилиш ва заиф гуруҳларни қўллаб-қувватлаш учун фуқаролик жамияти ташкилотлари билан ҳамкорликни давом эттиради.
Ўзбекистон 1995 йилда ОТБга аъзо бўлган. Орадан уч йил ўтиб, мамлакатда банк ваколатхонаси очилди. Айни пайтда ОТБ томонидан республикага кредитлар, грантлар ва техник ёрдам кўринишида ажратилган маблағларнинг умумий ҳажми 12,5 миллиард долларга етди.