Рақобатни ривожлантириш қўмитаси корхоналар томонидан «Реклама тўғрисида»ги қонунга риоя этилишини текшириш бўйича тизимли ишларни давом эттирмоқда. Бу сафар Ipak Yoʻli банкига жарима белгиланди.
Хусусан, қўмита томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида Ipak Yoʻli АИТБ томонидан эълон қилинган «Универсал» ва «Миллий» номли омонат турлари рекламасида «Универсал» омонат тури бўйича йиллик фоиз ставкаси 22 фоиз, «Миллий» омонат тури бўйича йиллик фоиз ставкаси 25 фоиз эканлиги ҳақида ахборотлар берилганлиги кузатилган.
Шунингдек, банкнинг расмий веб-сайтида «Универсал» омонат тури бўйича омонатга қўйилган маблағлар бўйича йилнинг дастлабки 6 ойи учун депозит ҳисобрақамлари ёпилиши муддатига қараб йиллик 14 фоиз ставка ва йилнинг кейинги 6 ойи учун 18 фоиз ставка бўйича қайта ҳисоблаб чиқилиши ҳақида маълумот кўрсатиб ўтилган. Аммо юқорида келтириб ўтилган реклама воситаларида «Универсал» номли омонат тури ҳақидаги бошқа муҳим маълумотлар тўлиқ берилмаганлиги ҳолати аниқланди.
Қўмита махсус комиссияси «Реклама тўғрисида»ги қонунининг 16 ва 43 моддалари ва «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 6-моддаси талаблари бузилиш аломатлари юзасидан Ipak Yoʻli АИТБга нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда молиявий жарима қўлланилди. Шунингдек, қонунбузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.