Президент 28 август куни Кўксарой қароргоҳида Париж Олимпиадасида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашди.
Олимпиада медаллари, мамлакатимиз спорт оламидаги ютуқлари мамлакатнинг ҳар томонлама тараққиёти ва инсон тараққиёти даражасидан далолат беради, деди Мирзиёев.
«Сизлар ғоят кескин беллашувларда юксак жасорат ва матонат кўрсатиб, 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медални қўлга киритганингиз мамлакатимизнинг тараққиёт борасидаги юксак салоҳиятини ифода этадиган ёрқин натижадир. Бу тарихий ғалаба Янги Ўзбекистон ёшлари қандай буюк ишларга қодир эканини яна бир марта амалда намойиш этди», — деди давлат раҳбари.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиб келинаётган бундай йирик халқаро мусобақалар дунёнинг ҳар бир давлатининг спорт соҳасига, миллат ва элатнинг жисмоний ва маънавий салоҳиятига бўлган эътиборини яққол намоён этишини таъкидлади. Бундай улкан аренада энг кучли ва тажрибали спортчилар, энг яхшиларнинг энг яхшилари иштирок этади.
«Шу маънода сизлар халқимизнинг асл қаҳрамонлари, мард ўғил-қизлари, юртимиз фахрисиз. Биз барчамиз сиз билан фахрланамиз», — деди президент.
Иштирокчи давлатлар орасида Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида 13-ўрин, Осиё қитъасида 4-ўрин, туркий ва ислом давлатлари ҳамда МДҲ давлатлари орасида 1-ўринни эгаллади. Бу натижалар Ўзбекистон тарихида мисли кўрилмагани қайд этилди.