Нукусдаги халқаро аэропортга нисбатан ҳеч қандай суд иши қўзғатилгани йўқ, деб хабар қилди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.
2024 йил июль ойида Нукус халқаро аэропортида Узбекистан Аирпортс логотипи туширилган светодиодли ёзувларни ишлаб чиқариш бўйича танлов ўтказилган. Танловда еттита корхона қатнашиб, ғолиб Usnatdin Zamira Ok, захира ғолиби эса Qajimuxan Seyilxan компаниялари бўлган.
Натижалар эълон қилинганидан сўнг бундай белгиларни ясашда тажрибаси йўқлиги сабабли етарли балл тўплай олмаган Bes Qala Stroy МЧЖ Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига танловнинг адолатсиз ўтказилгани юзасидан шикоят билан мурожаат қилган.
Рақобат қўмитаси вазиятни ўрганиб чиқиб, иштирокчиларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш бўйича Нукус аэропортига тавсиялар берган.
Аввалроқ Қўмита Нукус аэропортига нисбатан иш очгани ҳақида маълумот тарқалганди.
Аниқланишича, ҳаво бандаргоҳида давлат харидлари портали орқали 120 миллион сўмлик танлов савдолари ўтказилган. Шу билан бирга, аэропортда «Давлат харидлари тўғрисида»ги ва «Рақобат тўғрисида»ги қонунлар талаблари бажарилмаган.