Россия Федерацияси Давлат Думаси вице-спикери Владислав Даванков «Fan ID» ўрнига «Мигрант ID»ни жорий этишга чақирди.
Мухлис паспорти (Fan ID, Fan Card) — бу футбол ўйинларига бориш учун эгасининг фотосурати, фамилияси ва исми кўрсатилган Россиянинг электрон шахсини тасдиқловчи ҳужжати.
«Янги одамлар» партияси вице-спикери фикрича, Fan IDʼга пул сарфлаш ўрнига, мигрантларни кузатишнинг рақамли тизимини жорий қилиш керак. 14 ёшдан бошлаб, мухлислар билан бўлганидек, биометрикадан ўтиш мажбурий бўлади. Барча камераларда юзни таниш тизимида ишлайди ва жиддий ҳуқуқбузарлик учун мигрантлар мамлакатдан чиқариб юборилади.
«Бизнинг стадионларимиз мамлакатдаги энг хавфли жойми? Албатта, йўқ. Ҳар қандай катта шаҳарнинг турар жойларида ҳақиқий хавф. Айрим ҳудудларда одамлар муҳожирлар туфайли болаларини кўчага чиқаришдан қўрқишади. Ҳақиқий хавфсизлик муаммоларига пулни қайта тақсимлаш вақти келди. Мухлисларни эса тинч қўйинг», — деди Даванков.
Эслатиб ўтамиз, Россияда мигрантлар билан боғлиқ янги қонун лойиҳаси қабул қилинганди. Унга кўра, ҳаракатни чеклаш, назорат қилинадиган шахслар реестрига киритиш, жамоат ва диний фаолиятда иштирок этишни тақиқлаш, никоҳни текшириш, шунингдек, ҳақиқий эмас ҳужжатлар билан чегарадан ўтиш тақиқланади.
Шунингдек, аввалроқ Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин мамлакатда Россия фуқаролигини олган 30 мингдан ортиқ муҳожир «қўлга олингани»ни айтганди. Унинг қўшимча қилишича, ўн минг киши аллақачон урушга жўнатилган.