«Коламбус Блю Джекетс» NHL клубининг ҳужумчиси Джонни Годро йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида фожиали вафот этди. Бу ҳақда Fox хабар бермоқда.
Воқеа Нью-Джерси штатида, Джонни болалигини ўтказган Сейлем қишлоғи яқинида содир бўлган. 31 ёшли хоккейчи ва унинг 29 ёшли укаси Метю велосипедда кетаётганида, уларни автомобиль уриб юборган. Дастлабки маълумотларга кўра, автомобиль ҳайдовчиси спиртли ичимлик таъсирида бўлган бўлиши мумкин.
USA Today хабар беришича, Джонни Сейлемга синглисининг 30 августга режалаштирилган тўйига келган. У ортидан хотини ва икки фарзандини қолдирди.
Джонни Хоккей лақаби билан танилган Джонни Годро сўнгги йилларда энг муваффақиятли хоккейчилардан бири эди. У лигада 11 мавсумни ўтказди — тўққизтасини «Калгари Флэймз» ва иккитасини «Коламбус Блю Джекетс» таркибида. Бу вақт ичида у 763 та ўйинда 743 очко тўплади. Годро етти марта NHL юлдузлар ўйинларида иштирок этган. 2017 йилда у «Леди Бинг Трофи» совринини қўлга киритган. Бу соврин юксак маҳорат билан бирга жентлменлик хулқини намойиш этган ўйинчига берилади. АҚШ терма жамоаси таркибида Жонни 2018 йилги жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори бўлганди.