Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси матбуот хизмати хабар қилишича, Фарғонадаги кўп қаватли уйларда иссиқлик таъминоти учун 4 млрд сўмдан ортиқ қарздорлик асоссиз деб топилди.
Кўп қаватли уйлардаги иситиш сифатига оид истеъмолчилар мурожаатлари вилоят бошқармасига келиб тушган.
«Иссиқлик манбаи» корхонасининг Фарғона бошқармаси билан биргаликда ўтказилган текширув шуни кўрсатдики, кўплаб хонадонлар шартномада белгиланган сифатдаги иситиш хизматларини олмаган.
Иситиш мавсумида кўп қаватли уйларни таъминловчи марказий иссиқлик тармоқларида носозликлар юз берган, бу эса таъминотда узилишларга олиб келган. Хабарда айтилишича, табиий газ босимининг пастлиги ва бошқа омиллар туфайли аҳоли етарли даражада иссиқлик билан таъминланмаган.
Шу билан бирга, 6146 нафар истеъмолчига 4,17 млрд сўмдан ортиқ асоссиз дебитор қарздорлик ҳисобланган.
«Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга кўра, сотувчи кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас. Шу сабабли иситиш корхонаси иссиқлик таъминоти учун асоссиз ҳисобланган қарздорликни бекор қилишга мажбур бўлган.