Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида ҳалқа йўлининг бир қисми реконструкциядан сўнг фойдаланишга топширилди

O‘zbekiston

Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида ҳалқа йўлининг бир қисми реконструкциядан сўнг фойдаланишга топширилди. Ҳайдовчиларга қулайлик яратиш ва тирбандликни камайтириш мақсадида чорраҳаларда 3 та қайрилиб олиш ва 18 та кесишмаларда қўшилиб олиш жойлари ташкил этилди.

Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида ҳалқа йўлининг бир қисми реконструкциядан сўнг фойдаланишга топширилди.

Тошкент ҳалқа йўли пойтахтимизнинг энг узун ва кенг кўчаси. Фақат унинг Мирзо Улуғбек туманидан ўтган бир қисми тор бўлиб, ҳозирги талабга — кунига 45-50 мингта автомашина қатновига мос келмай қолган эди. Шу боис ушбу йўл кенгайтирилиб, қайта қурилди, деб хабар қилди Мирзиёев матбуот хизмати.

Ўзига хос ечимлар асосида 3 та қайрилиб олиш ҳамда 18 та кесишмаларда қўшилиб олиш жойлари ташкил этилди. Бу ҳайдовчиларга қулайлик яратиб, тирбандликни камайтиришда муҳим омил бўлади.

Кўчанинг Буюк ипак йўли билан кесишмасида йиғма темир конструкцияли йўл ўтказгич қурилди. Мамлакатда илк бор қўлланган бу усулнинг афзаллиги кўп. Хусусан, унинг қурилиш муддати бошқа кўприкларга нисбатан икки баробар кам вақт талаб қилади. Хизмат кўрсатиш муддати эса юз йилдан ортиқ. Ўтказгични таъмирлаш ишлари ҳам анча арзон тушади.

Кўча бўйларига электрон шаклда бошқариладиган тунги ёритиш тизими, ақлли светофорлар ўрнатилди. Ўн учта бекат қурилди. Ҳудуд кўкаламзорлаштирилиб, манзарали дарахт кўчатлари ўтказилди.

Йўлнинг 4 километрига асфальт-бетон ётқизилди. Қатнов қисми эса олдингидан анча кенгайтирилиб, 6-8 тасмага етказилди. Шунингдек, 4 та ерости ўтиш жойи, пиёда ва велойўлаклар қурилди.

Президент янги йўл ва иншоотлар Мустақиллик байрамига туҳфа эканини таъкидлаб, халқнинг узоғини яқин, оғирини енгил қиладиган бундай қурилишлар давом эттирилишини билдирди.

Mavzuga oid materiallar