Ўзбекистон Туризм қўмитаси миллий туризм бренди логотипи ва шиорини ишлаб чиқиш бўйича танлов эълон қилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Танловда маркетинг, брендинг ва консалтингга ихтисослашган, камида беш йиллик тажрибага эга ва шу каби танловларда муваффақиятли иштирок этган халқаро ва маҳаллий компаниялар иштирок этиши мумкин.
Танловдан кўзланган мақсад Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини жаҳон ва ички бозорларда кенг тарғиб қилиш, шунингдек, мамлакатнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз ва жозибали жой сифатида ижобий имижини шакллантиришдан иборат.
Асосий талаблар:
Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданияти, гастрономияси, археологияси, экологияси ва бошқа туристик йўналишларини акс эттириш;
замонавийлик, осон тан олиниши ва бадиий ва ижодий стандартларга мувофиқлиги;
шиорнинг қисқалиги (5 сўзгача), унинг осон эсда қолиши ва саёҳат қилиш истагини уйғотиш қобилияти;
логотип CorelDraw, Adobe Illustrator ёки Adobe Photoshop форматларида ишлаб чиқилган бўлиши керак;
шиор уч тилда: ўзбек, рус ва инглиз тилларида тақдим этилиши керак.
Танлов ғолиби 10 минг доллар пул мукофотига эга бўлади. Барча интеллектуал мулк ҳуқуқлари Туризм қўмитасининг мулкига айланади.
Иштирок этиш учун аризалар 25 сентябрга қадар tanlovbrend@uzbektourism.uz электрон почтаси орқали қабул қилинади. Танлов натижалари 30 сентябрь куни эълон қилинади.
Тафсилотлар ва техник талаблар билан бу ерда танишиш мумкин.