Тошкент аэропортида йўловчиларни комплекс мониторинг қилиш тизими бўлган Pax Track тизими тест режимида ўрнатилиб, ишга туширилди. келажакда пойтахт аэропортини яна қандай технологик ўзгаришлар кутаётгани пресс-тур доирасида журналистларга намойиш этилди.
Рўйхатдан ўтиш жойидан сўнг ўрнатилган турникетларда йўловчи бортга чиқиш талонини, ходим эса ўз рухсатномасини сканерлаши керак. Чегара назорати ва авиация хавфсизлигига текшириш хизматлари ҳам ушбу тизим билан интеграциялашади. Шундай қилиб, кечикаётган йўловчини бортга чақиришда аэропорт ходимлари тизимдан унинг қайси секторда эканлигини ва рўйхатдан ўтгандан кейин «стерил» зонага кирган-кирмаганини билиш имкониятига эга бўлади.
Бугунги кунда учиб кетиш залида 40 та рўйхатга олиш пештахтаси (умумий залда 37 та, CIP залида 2 та ва VIP залда 1 та) мавжуд. Реконструкция ишлари тугаллангач, рўйхатга олиш пештахталари сони 90 тани ташкил этади, шу жумладан 12 та гибрид Self Chek-in в Baggage Drop Off нуқталари, уларда йўловчилар рейсларга мустақил равишда рўйхатдан ўтишлари ва багажни топширишлари мумкин бўлади.
Учиб кетиш ҳудудидаги чегара назорати пунктлари сони ҳам 34 тадан 54 тага, шу жумладан, E-gate етказилади. Текширув ҳудуди 15 та йўлакгача кенгайтирилади. Шунингдек, учиб келиш залида 48 йўловчи ўтиш каналига эга янги паспорт назорати зонаси ташкил этилади, багаж олиш камарлари сони тўрттадан саккизтага кўпаяди. Шунингдек, учиб кетиш ва келиш залларини бирлаштириш орқали кутиб олувчилар учун 4000 кв.м.га яқин майдон ажратиш мумкин бўлади.
Реконструкция доирасида BHS ва BRS юкларни ташиш ва назорат қилиш тизимларини жорий этиш режалаштирилган. Кетиш ва келиш учун янги ускуналар ва дастурий таъминот ўрнатилади. Тизим багажни парвозлар бўйича автоматик тарзда саралаш, багажни ташишга қабул қилинган пайтдан то бортга ортилган пайтгача кузатиб бориш, энг муҳими, бу вазиятда инсон омилини минималлаштириш имконини беради. Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида багаж ёрлиғи рақами орқали юкни кузатиш имконини берувчи мобил илова ишлаб чиқиш ҳам режалаштирилган.
Жорий йилнинг сентябрь ойида бошланадиган реконструкциянинг якуний босқичида учиб келиш ва учиб кетиш заллари битта терминал мажмуасига бирлаштирилиб, унинг майдони 105 000 кв.м ни ташкил қилади. Бу аэропорт терминалининг ўтказиш қобилиятини соатига 1200 йўловчидан 2400 тагача ошириши кутилмоқда.